cirle1 cirle2 cirle3
  • phone
  • special_icon
Тошкентда 25 йил ҳеч қаерда қайд этилмаган йигитга фуқаролик паспорти берилди

Тошкент шаҳрида туғилиб, вояга етган, аммо 25 йил давомида шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган фуқарога Ўзбекистон фуқаролиги паспорти берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди 

Маълум қилинишича, 25 ёшли Шоҳрух Алламов шу пайтга қадар ҳеч бир жойда қайд этилмаган. 25 йилдан бери Тошкент шаҳрида яшаб улғайган, лекин жамиятда мавжуд эканлигини ҳуқуқий жиҳатдан исботлай олмаётган, туғилганлигини тасдиқловчи гувоҳнома ҳамда ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берувчи фуқаролик паспортига эга бўлиш истагини билдирган Шоҳрух Алламов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилган.

Хабар берилишича, Шоҳрухнинг ота-онаси уни уч ёшлигида ҳеч кимнинг қаровисиз кўчага ташлаб кетган.

Шоҳрухнинг шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган. Шу вақтга қадар ушбу фуқаро сарсон-саргардон бўлиб, кўчаларда тиланчилик қилиб, дуч келган жойларда ётиб, бефарқ бўлмаган фуқаролар ёрдамида улғайган. У бир қанча ташкилотларга бориб шахсини тасдиқловчи ҳужжат олишда амалий ёрдам сўраган. Унинг маълумоти бўлмаганлиги, ўқиш ва ёзишни билмаганлиги сабабли ҳар бир ташкилотга оғзаки мурожаат қилган. Кўп йиллар давомида турли хил ташкилотларга мурожаат қилишига қарамасдан, шахсини тасдиқлаш ҳақидаги ҳужжатни ололмаган.

Мазкур масалада Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси аралашуви ҳамда Учтепа тумани прокуратураси, туман ИИО ФМБ МваФРБ, Учтепа туманлараро фуқаролик суди ва ФҲДЁ органлари билан ҳамкорликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Шоҳрух Алламовнинг мурожаати бўйича, биринчи навбатда, Тошкент шаҳар ФҲДЁ бўлими архивига Шоҳрухга нисбатан туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзуви қайд этилганлиги бўйича сўровнома тақдим этилиб, унинг берган кўрсатмалари асосида ота-онасининг шахсига аниқлик киритиш учун автоматлаштирилган ахборот тизими ИИВ ҳисоби асосида текширилди.

Шоҳрух Алламовнинг ўзи тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлиш мақсадида фотосурати ҳамда бармоқ излари олиниб, Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат этилди ҳамда унинг соғлиғи ва ақли расолиги ҳолатини ўрганиш мақсадида руҳий аҳволини текшириш юзасидан тиббиёт экспертиза хулосалари олиниб, барча ҳужжатлар тўпланди. Барча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, Шоҳрух Алламовнинг шахсига аниқлик киритиш юзасидан ҳеч қандай натижа бўлмагандан сўнг унинг туғилганлик ҳақидаги фактини тасдиқлаш мақсадида Учтепа тумани прокуратураси номидан Учтепа туманлараро фуқаролик судига юқоридаги ҳолат юзасидан илтимоснома киритилди.

Суд жараёнида даъво аризаси қаноатлантирилди ва фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг қарорига асосан Учтепа тумани ФҲДЁ бўлими томонидан Шоҳрух Алламовга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди. Шундан сўнг фуқарога шахсини тасдиқловчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилди. Айни вақтда Шоҳрух Алламов Учтепа туманига доимий рўйхатга қўйилди.

Қайд этилишича, энди Учтепа тумани ҳокимлиги билан келишилган ҳолда Шоҳрух Алламовга уй-жой ажратиш масаласи кўрилмоқда. Ижтимоий масала томонидан ҳам эътибор қаратилади. Хусусан, яқин кунларда фуқарога ногиронлик бўйича нафақа тайинлаш масаласи кўриб чиқилади. Шоҳрухнинг қизиқишига қараб касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашилади.

24.09.2020 56
Воқеалар тақвими

Воқеалар тақвими

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.