cirle1 cirle2 cirle3
  • phone
  • special_icon
Пропискани ислоҳ қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони имзоланди.

Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони имзоланди

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасидан сўнг жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган 2020 йил “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”га мўлжалланган Давлат Дастури қабул қилиниб, мазкур Дастурда:

2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк харид қилишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартибни жорий этиш;

Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилувчи ва республиканинг бошқа ҳудудларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш белгиланди.

Шу кунгача амалда бўлган тартибга кўра, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунида Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахслар томонидан кўчмас мулк сотиб олинганда шартнома суммасининг 5 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда алоҳида бож тўлаш белгиланган.

Пропискага қўйиш билан боғлиқ жараёнлар ва уларни “ягона дарча” тамойили асосида амалга ошириш механизмлари рақамлаштирилиши лозимлиги белгиланди.

Ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб “Коронавирус” пандемияси авж олаётган ва республикамиз ҳудуди бўйлаб ҳам ўз таъсирини ўтказаётган, республика миқёсида “Карантин” тадбирлари олиб борилаётган бўлишига қарамасдан Муҳтарам Юртбошимиз томонидан иродали қарор қабул қилиниб, куни кеча, яъни 2020 йил 21 апрель куни “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Унга кўра:

Кенг жамоатчилик фикрларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва Ички ишлар вазирлигининг рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтишга розилик берилди.

Бунда, биринчи босқичда қуйидагиларни амалга ошириш белгиланди:

“доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилади;

фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жой майдонига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш имконияти яратилади;

доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши йўқотилиши тўғрисидаги қоида олиб ташланмоқда;

илгари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар доимий яшаш учун тегишинча қайтиб келганида, улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳеч қандай тўсиқларсиз қайта доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади;

Амалдаги тартиб бўйича фақатгина давлат йўлланмаси билан ишга, ўқишга кетган ёки жазони ижро этиш муассасасидан озодликка чиққан фуқароларгина тегишинча Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги аввалги яшаган манзилларига доимий рўйхатга олинишлари мумкин эди.

Тегишли лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқароларга ҳамда республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар учун лавозимни эгаллаб туриш даврига бериладиган доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниш ҳуқуқига чеклов бекор қилинади, яъни эндиликда ушбу тоифа фуқаролар лавозимда бўлган муддатга эмас, тўлақонли доимий рўйхатга қўйилади, Бунда, агар фуқаро ишдан бўшатиладиган, бошқа ишга ўтадиган ёки нафақага чиқадиган бўлса, унинг доимий рўйхати бекор қилинмайди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги давлат идораларида фаолият юритаётган ишчи ва хизматчилар учун қонунчиликка киритилаётган яна бир муҳим янгиликни айтиб ўтмоқчиман, у ҳам бўлса, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассисларга корхона ва ташкилот раҳбарининг маълумотномаси асосида мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш йўлга қўйилади;

Республиканинг бошқа ҳудудларида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларни сотиб олиб, уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, мазкур Фармонга кўра, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлиши талаб қилинмайди;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 2020 йил 1 сентябрдан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади;

Ушбу тартиб билан прописка билан боғлиқ жараёнлар рақамлаштирилади ва фуқароларга қулайлик яратилиб, талаб этиладиган ҳужжатларни олиб келиш учун бошқа идораларга сарсон бўлиб бормайдилар, яъни барча ҳужжатлар идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали олиниши йўлга қўйилади.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича 15 кунгача рўйхатдан ўтмасдан юришлари мумкин бўлади ва бу маъмурий жавобгарлик келтириб чиқармайди;

фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;

ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга олинишларида мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориш тартиби бекор қилинади;

Мисол учун, Бухоро вилоятидан Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга турмоқчи бўлган фуқаро Бухоро вилоятига бориб, ички ишлар ва Мудофаа бўлимларидан рўйхатдан чиқиб келиши талаб этилмайди. 

Фуқароларга доимий рўйхатга олинишни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;

туғилган бола Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан унга туғилганлик тўғрисида гувоҳномани расмийлаштириш чоғида отаси ёки онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилига электрон маълумотларни киритиш йўли билан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби жорий қилинади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас ва паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди.

Масалан, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида доимий яшовчи фуқаро вилоятнинг Янгийўл туманида турган жойи бўйича вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаётган бўлса, паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди. 

Мазкур Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирги кунда ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти бўйича Қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда ҳамда доимий ва вақтинча рўйхатга олиш тизимини тартибга солувчи Вазирлар Маҳкамасининг низоми лойиҳаси тайёрланмоқда.

Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Фармонда белгиланган вазифалар бажарилганидан сўнг, кейинги босқичларда рухсат бериш хусусиятига эга бўлган тизимидан воз кечиб, республика миқёсида ягона ва умумий бўлган хабар бериш хусусиятига эга бўлган рўйхатга олиш тизимга ўтиш бўйича ишлар кенг жамоатчилик фикри ва халқаро экспертларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда, амалга оширилади.

ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси

 

21.04.2020 110
Воқеалар тақвими

Воқеалар тақвими

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.