cirle1 cirle2 cirle3
  • phone
  • special_icon
Сенаторлар фуқаролиги йўқ шахсларнинг ярмидан ортиғига фуқаролик беришни назарда тутадиган қонунни маъқуллади.

Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуни муҳокама қилинди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида” қонунда кўплаб енгилликлар назарда тутилаётгани, жумладан, Республикасида 1995 йил 1 январга қадар доимий рўйхатдан ўтган, хорижий давлат фуқаролигини олмаган ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасига эга бўлган шахсларга Ўзбекистон фуқаролигини автоматик тарзда берилиши, бу билан Ўзбекистондаги фуқаролиги йўқ шахсларнинг ярмидан ортиғи фуқаролик олишини маълум қилди.

Қонун билан туғилган жойи ва ота-онасининг фуқаролиги бўйича хорижий давлат фуқароси ҳисобланган болалар Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиниши, Ўзбекистон фуқаролиги йўқотилишига сабаб бўладиган сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаслик муддати уч йилдан етти йилга узайтирилиши, фуқаролик масалаларига оид илтимосномалар бўйича иш юритувини тўхтатиб туриш, тугатишнинг аниқ асослари белгилаб берилиши, фуқароликка қабул қилиш шарти сифатида давлат тилини мулоқот учун етарли даражада билиши, фуқаролик масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари назарда тутилмоқда.

Ялпи мажлисда қонуннинг амалдаги таҳрири 28 йил аввал қабул қилингани ва унинг деярли барча нормалари эскириб, замон талабларига жавоб бермай қўйгани, қонуннинг янги таҳририда фуқаролик соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик базасини яратиш, шахсларнинг Ўзбекистон фуқаролигини олиш ва бекор қилиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш назарда тутилгани таъкидланди.

Қонун билан президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгилаб қўйилмоқда. Қонунда “яшаш гувоҳномаси”, “текширув варақаси”, “хорижий давлат фуқароси”, “фуқаролиги бўлмаган шахс” ва бошқа шу каби тушунчаларга шарҳ берилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳозирги вақтда жами 95 857 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар истиқомат қилади, ушбу кўрсаткич Марказий Осиёдаги жами фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 78,5 фоизини ташкил этади.

Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромовга кўра, Ўзбекистонда яшаётган фуқаролиги йўқ шахсларнинг асосий қисмини ўзбеклар ташкил қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида мамлакатда узоқ вақтдан бери яшаб келган, бироқ Ўзбекистон фуқароси мақомини олмаган юртдошларимиз муаммосини қонунга мувофиқ ҳал этиш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлаган эди.

Манба https://kun.uz сайтидан олинди. 

28.02.2020 274
Воқеалар тақвими

Воқеалар тақвими

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.