cirle1 cirle2 cirle3
  • phone
  • special_icon
Қалбида дарёлар шиддати бордир...

Урушнинг номи ўчсин

Отаси урушдан қўлтиқтаёқда қайтган экан. Бадритдин ака эсини таниганида, Усмон ота ҳассага таяниб юрарди. Шу ҳолида ўқувчиларга дарс берар, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишларди.

Усмон ота уруш тўғрисида гапиришни хушламасди. Бир гал фарзандлари қўярда-қўймай сўрайверишгач, офицер бўлганини, бўлинма командири сифатида бир неча бор ўқ ёмғири остида аскарларни ҳужумга бошлаганини айтиб берганди. Охирги гал «Ватан учун! Ғалаба учун!» дея ҳайқириб душман позицияси томон ташланганида оёғидан оғир жароҳатланади. Шундан сўнг саккиз ой госпиталда даволаниб, тиббий комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилади.

Уруш даҳшатларини, жангу жадалларни кўрганига қарамай, Усмон отанинг дийдаси қотиб кетмаганди. У болаларини калтаклаш тугул, қаттиқ жеркимаган ҳам. Иши кўп бўлгани учун, оилада фарзанд тарбияси билан асосан рафиқаси Сора ая шуғулланарди.

Бадритдин ака урушдан кейинги қийинчиликларни эс-эс хотирлайди. Мактабда ўқиб юрган кезлари ҳам рўзғор тебратишнинг ўзи бўлмасди. Айниқса, серфарзанд оила бўлса. Шунинг учун у саккизинчи синфни битиргач, аксар тенгдошлари сингари ишга кирди. Уйига яқин бўлгани учун Тошкент авиасозлик заводида чилангарга шогирд тушди. Уқувли бўлгани боис тез орада бу касбни бинойидай эгаллаб олди. Ўқишни эса кечки мактабда давом эттирди.

Опасининг ундови билан

Етуклик гувоҳномасини олган Бадритдинни ҳамкасблари Политехника институтининг заводдаги самолётсозлик факультетига ўқишга киришга ундашди. Завод раҳбарлари йўлланма беришини айтишди. Бадритдин нима қилишини билмай, Тошкент давлат университетининг биология факультетида таҳсил олаётган опасидан маслаҳат сўради.

– Яхшиси, бизнинг факультет билан бир бинода жойлашган геология факультетига ўқишга кир. Геолог бўласан, юртимизнинг тоғу қирларини, водийу воҳаларини, чўлу адирларини кезиб чиқасан. Романтика! Ё бўлмаса, шу факультетнинг гидрогеология бўлимида ўқисанг, республикамиздаги ҳамма дарёларни беш қўлдек билиб оласан, – деди опаси.

Бадритдин эртасигаёқ ҳужжатларини кўтариб ТошДУга йўл олди. Ҳужжат қабул қилаётган аёл:

– Гидрогеология йўналишига киришинг даргумон. Бир ўринга 11 абитуриент ҳужжат топширган, – деди.

Бадритдин нима қилишини билмай турганида, қўшни столда ҳужжат қабул қилаётган киши уни чақириб қолди.

– Йўқ, мен ўқитувчи бўлмайман, муҳандис бўлишни хоҳлайман, – деди Бадритдин.

Ҳалиги киши кулимсираб:

– Сенга гидрология бўлимига киришни маслаҳат бермоқчийдим. Уни битирсанг ҳам, инженер бўласан, бизда бир ўринга уч даъвогар. Меҳнат стажинг ҳам бор экан...

Бадритдин уйга келиб, опаси билан маслаҳатлашди. Хуллас, 1967 йили дорилфунун талабаси бўлди.

Дарёларни яёв кезганда

Ўқиш жуда қизиқ эди. Назарий билимларни мустаҳкамлаш мақсадида тез-тез амалиётга чиқиб туришарди. Дарёлар қандай пайдо бўлишини ўз кўзлари билан кўриш учун Қирғизистон тоғларининг асрий музликларини ўрганишди. Кейинроқ Туркманистондаги сув ҳавзалари билан яқиндан танишишди. Бадритдин ҳар гал курсдошлари билан Ўзбекистон дарёларини ўрганиш учун экспедицияга чиқаркан, ўлкамиздаги ҳар бир дарёнинг ўзига хос жиҳати, сир-асрори, гўзаллиги, ландшафти, таъбир жоиз бўлса, феъл-атвори борлигидан ҳайратга тушарди. Дарёлар бўйини кезишнинг, улар ёқасида кечган тунларнинг ҳам ўзгача гашти, таровати бор-да...

Кутилмаган таклиф

Тўртинчи босқичда ўқиб юрган кезлари эди. Ўшанда Ёшлар уюшмасининг факультетдаги бошланғич ташкилотига ҳам етакчилик қиларди. Бир куни ректоратда ишлайдиган рус йигит факультетга келиб, у билан суҳбатлашди. Қизиқишларини, оила аъзоларини суриштирди. Рус тилини қай даражада билишини ҳам синовдан ўтказди. Лекин суҳбатдан кўзлаган мақсадини айтмади. Бадритдин ака ҳам сўраб ўтирмади.

Ўқиш билан бўлиб, ўша суҳбат ёдидан ҳам кўтарилиб кетган экан. Диплом иши бўйича Писком дарёсининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Боғистон қишлоғидан оқиб ўтувчи ирмоғининг хусусиятларини ўрганиб юрган эди. Кун бўйи ирмоқнинг оқим тезлигини, сув ҳажмини ўлчаш, харитасини, яратиш, ландшафтини тадқиқ қилиш билан банд бўларди.

Бир куни тўсатдан уни факультетга чақириб қолишди. Ҳалиги рус йигит Давлат хавфсизлик хизматига ишга таклиф қилди. Кутилмаган таклифни акалари билан маслаҳатлашганда, «Қийинчиликларига чидасанг, рози бўлавер», дейишди. Хуллас, 1974 йилдан ушбу тизимда хизмат фаолиятини бошлади. 23 йил давомида бўлим бошлиғигача бўлган турли лавозимларда ишлади.

Масъулиятли паллада масъулиятли лавозимга

Гапни сал узоқроқдан бошлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини амалга киритиш тадбирларига тайёргарлик босқичи тамом бўлгач, 1994 йил 23 декабрда мамлакатимиз Президентининг фармони билан «Ўзбекистон Республикаси паспорт тизими тўғрисидаги низом» тасдиқланди. Фармонга мувофиқ, 1995 йилдан юртимиз фуқароларига Ўзбекистон фуқароси паспортини бериш бошланиб, паспортларни алмаштириш 2000 йилнинг 1 январигача ниҳоясига етказилиши лозим эди.

Бадритдин Усманович ана шундай масъулиятли бир паллада – 1997 йилнинг май ойида масъулиятли лавозимга – ИИВ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқаролик бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Ҳеч бир янгиланиш камчиликсиз бўлмайди. Янги раҳбар вазиятни ўрганиб, жараён суст кечяпти, деган қарорга келди. Бунақада паспорт алмаштириш ишлари белгиланган муддатда тугалланмаслиги мумкин эди. Бунинг сабаби текширилганда, фуқароларнинг ўзи паспортини алмаштиришга шошмаётгани аён бўлди. Шунинг учун аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари кучайтирилди. Бу борада профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари билан яқиндан ҳамкорлик қилинди.

Яна бир камчилик шундан иборат эдики, мамлакатимиз фуқароси бўлмаган шахсларга ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини бериш ҳоллари учраб турганди. Бу камчиликни бартараф этиш мақсадида соҳа ходимларининг тегишли меъёрий ҳужжатлар бўйича билимини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Тўғри, Бадритдин Усмановичнинг янги тизимда, бунинг устига, масъулиятли раҳбарлик лавозимида муваффақиятли ишлаб кетиши осон кечгани йўқ. Бунда унга Ички ишлар вазирининг ўша даврдаги ўринбосарлари йўл-йўриқ кўрсатиб, яқиндан ёрдам беришди. Умуман, лавҳамиз қаҳрамонининг бахти, омади шундаки, у ИИВ тизимидаги фаолияти давомида ҳамиша вазирлик раҳбариятининг мададини, қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб турди.

Рақамлар сўзлаганда

Биргина мақолада қаҳрамонимиз бошчилигида ушбу тизимда амалга оширилган ишларнинг ҳаммаси ҳақида ҳикоя қилишнинг имкони йўқ. Шунинг учун асосий нуқталаргагина тўхталиб ўтяпмиз.

Бадритдин Усмановичнинг ташкилотчилик қобилияти, раҳбарлик салоҳияти мамлакатимиз Президентининг 2009 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш жараёнида яна бир бор синовдан ўтди. Ушбу фармонга мувофиқ, республикамизда биометрик паспорт жорий этилиши кўзда тутилган эди.

Бунга дастлаб жиддий тайёргарлик кўрилди. Жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Россия каби хорижий мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилди. 232 та маълумотларни йиғиш пункти ташкил этилди. Уларга 251 та стационар ва 32 та мобиль қурилма ўрнатилди. Жами 61 миллиард сўмликдан зиёд техник ускуна ва дастурий таъминотлар харид қилинди. Соҳа ходимлари ушбу қурилмалар ва ускуналарни ишлатишга ўргатилди.

Фуқароларга биометрик паспорт расмийлаштириш Тошкент шаҳрида 2011 йилнинг ноябридан бошланди. Кейинроқ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ушбу жараён босқичма-босқич давом этди. Ҳозирда кекса, ногирон инсонларга биометрик паспортлар уларнинг хонадонига борилиб, мобиль қурилмалар ёрдамида расмийлаштирилмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган ишлар ниҳоятда жадаллашди. Буни қуйидаги рақамлардан ҳам билиб олса бўлади. 
2016 йилнинг декабрь ойидан ўтган йилнинг охирларигача давлатимиз раҳбарининг 53 та фармонига асосан, жами 9930 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Бу кўрсаткич 2019 йилнинг 11 ойи давомида 5928 нафарни ташкил этди.

Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги фармонига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзувчи стикери бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш учун биометрик паспорти жорий қилинди. 
2019 йилнинг январидан ноябрига қадар 923838 нафар фуқарога ана шундай паспортлар расмийлаштириб берилди. ИИВ томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда фуқаролар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга зарур ҳолларда хорижга чиқиш биометрик паспортини 5 иш куни ичида расмийлаштириш механизми жорий этилган. Ўтган йилнинг 11 ойи ичида жами 458 нафар фуқарога беш иш куни ичида ушбу намунадаги паспортлар расмийлаштириб берилди.

Ёлғиз отнинг чанги чиқмас

Лавҳамиз қаҳрамонининг фидойиларча хизмати ўзининг муносиб баҳосини топди. У кўп бора ИИВ раҳбарияти томонидан рағбатлантирилган, Ватанимизнинг юксак мукофотлари – «Меҳнат шуҳрати» ордени, «Шуҳрат» медали билан тақдирланган. Яқинда иззат-ҳурмат билан нафақага кузатилди.

Истеъфодаги полковник Бадритдин Шорихсиев узоқ йиллик фаолияти давомида кўплаб шогирдлар тайёрлади. Улардан Улуғбек Тошхўжаев, Нажмиддин Тўрахўжаев, Улуғбек Муҳаммедов, Шуҳрат Ходжаев, Фахриддин Турсунов ҳозирги кунда масъулиятли лавозимларда ишламоқда.

«Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас», дейдилар. Бадритдин ака ҳам ҳамкасблари орасида, раҳбарият олдида қанчалик ҳурмат-эътибор қозонган бўлса, ўзи бошчилик қилган жамоасининг меҳнати, хизмати туфайли, деб ҳисоблайди. Бу инсон билан суҳбатлашиб, унинг умр дафтарини варақлаб, қалбида ўзи талабалик кезларида ўрганган, мафтун бўлган тоғ дарёларининг шиддати борлигини ҳис этдим.

Манба http://postda.uz/ сайтидан олинган.

04.01.2020 107
Воқеалар тақвими

Воқеалар тақвими

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.