cirle1 cirle2 cirle3
  • phone
  • special_icon
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам табриги

Авваламбор, бугунги қутлуғ сана – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни байрами муносабати билан барча ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва тингловчи-курсантлари ҳамда азиз фахрийларимизни самимий табриклайман.

Ушбу айёмда ўз ҳаётини Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, халқ манфаатларига хизмат қилишни ўзининг профессионал бурчи деб биладиган азму-шижоатли ходимларимизнинг фидокорона меҳнатлари алоҳида эътирофга сазовор.

Ҳаммамизга яхши маълумки, сўнгги уч йилда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ўзининг очиқ ва конструктив сиёсати ҳамда изчил ислоҳотлари билан минтақамиздаги йирик сиёсий, иқтисодий ва маданий марказга айланиб, халқаро майдондаги обрўси ва нуфузи тобора ортиб бормоқда.

Бугунги янгиланаётган, ўзгараётган Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилиб, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” дадил қадам ташламоқда.  

Барча соҳалар сингари ички ишлар органлари тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Соҳа тузилмаларида иш сифатини замон талаблари асосида тубдан яхшилаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек бошқа муҳим устувор вазифаларни амалга оширишда ижобий натижаларга эришилмоқда.

Фаолиятимизни такомиллаштириш мақсадида вазирлик ва ҳудудий ички ишлар бошқармаларининг штат бирликларини қисқартириш эвазига барча шаҳар-туман ички ишлар органларининг ташкилий тузилмалари кучайтирилиб, юзага келаётган тезкор вазиятга самарали таъсир ўтказа оладиган тизим яратилди.

Ички ишлар органларини аҳолига янада яқинлаштириш, уларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш, фуқароларни ташвишга солаётган муаммо ва масалаларни жойида ҳал этиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини республиканинг барча ҳудудларида тизимли ва манзилли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида олисда жойлашган аҳоли пунктларида қўшимча бўлинма ва таянч пунктлари ташкил этилди.

Ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш асосида, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмоқда. Республикамизнинг пойтахти ҳамда йирик шаҳар ва туманларида марказлашган видеокузатув тизими орқали жамоат жойлари, маҳаллалар, савдо мажмуалари, ўқув юртлари, кўчалар ва аҳоли гавжум бўлган бошқа ҳудудлардаги вазиятни назорат қилиш тизими яратилди. Ушбу лойиҳалар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш, куч ва воситаларни тақсимлаш ҳамда вазият барқарорлигини таъминлашда юқори самара беряпти. Мазкур тизимни босқичма-босқич барча шаҳар-туманларда жорий этиш ва унинг имкониятларини янада кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, уюшган жиноятчилик, терроризм ва наркотрафикка қарши курашни кучайтириш, тезкор-қидирув, тергов, профилактика, йўл ҳаракати ва пост-патруль хизматларини мустаҳкамлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда ушбу ўзгариш ва янгиликлар

ўз самарасини бермоқда десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Жумладан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика ҳудудида содир этилган жиноятлар 25,9 фоизга (8899 тага), шу жумладан жиноят-қидирув йўналиши бўйича 33,5 фоизга (7071 тага) камайишига эришилди, юртимизда мавжуд маҳаллаларнинг 4518 тасида, яъни қарийб 50 фоизида умуман жиноятлар содир этилмади.

Айни вақтда Ўзбекистон жиноятчилик кўрсаткичига кўра дунё бўйича ҳар юз минг аҳоли сонига нисбатан жиноятлар сони энг кам бўлган давлатлар 10 талигидан ўрин (9-ўрин) эгаллаганлиги юқоридаги фикрларимизнинг яққол исботидир.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Тизимимизда ўтказилаётган ислоҳотлар кўлами фаолиятимизнинг ҳар бир соҳавий йўналишини қамраб олганлиги барчангизга яхши маълум. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳар қандай ислоҳотнинг самараси унинг ўз вақтида, тўлиқ, сифатли ва кўзланган натижага йўналтириб жорий этилишига бевосита боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсадларига эришиш учун ички ишлар органларининг ҳар бир ходими, эгаллаб турган лавозимининг катта-кичиклигидан қатъий назар, зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан, виждонан бажариши, ўзини Ватан тақдирига дахлдор деб билиб, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида бор билим ва тажрибасини сафарбар этиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, халқ, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиши зарур.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Айнан шу талаб тизимимизда амалга оширилган ва давом этиб келаётган ислоҳотларнинг асоси ва мақсади бўлиб хизмат қилмоқда. Халқ манфаатларига хизмат қилиш, чинакам халқчил, халқпарвар бўлиш ички ишлар органлари фаолиятининг бош мезони бўлиб қолиши лозим.

Ходимларимиз кундалик фаолиятини “Садоқат, масъулият, ҳалоллик” шиори асосида олиб бориши, қонунийликка, одоб-ахлоқ қоидаларига, хизмат интизомига қатъий риоя қилиши керак. Раҳбарлар масъулиятини оширишимиз, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар биримизнинг кундалик фаолиятимиз қоидаси бўлиши лозим.

Ҳар йили касб байрами муносабати билан бир гуруҳ ходимларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Бу йил ҳам Президентимизнинг Фармонига асосан 25 нафар ҳамкасбларимиз давлат мукофотларига сазовор бўлдилар.

Давлатимиз раҳбарининг ички ишлар органларига кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун барча шахсий таркиб номидан муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз.

Бундан ташқари, 26 нафар ходимга “полковник” махсус унвони берилди, шунингдек 400 нафардан зиёд ходимларимиз турли идоравий мукофотлар билан рағбатлантирилдилар.

Қадрли ҳамкасблар!

Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу-барака, масъулиятли ва шарафли ишларингизга улкан зафарлар тилайман.

Ишонаманки, ўз касбига садоқатли, фидойи ходимларимиз зиммасига юклатилган юксак вазифаларни чуқур ҳис этган ҳолда ўзларининг бор билим, малака ва куч-ғайратларини сафарбар этиб, шарафли бурчларини виждонан бажариб, халқимиз ва Юртбошимиз ишончига доимо муносиб бўладилар.

Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

25.10.2019 1206
Воқеалар тақвими

Воқеалар тақвими

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як